Варикоцеле – уруғ тизимчаси вена қон томирларининг патологик кенгайиши бўлиб, касаллик асосан ўсмирлик ёшида учраб, спермограмма(уруғ суюқлиги)нинг ўзгаришига ва шунинг оқибатида эркаклик бепуштлигига олиб келиши мумкин. Шу касаллик сабаб баъзи йигитлар йиллар давомида бефарзандликдан азият чекишади. Варикоцеле белгилари 15 дан 25 ёшгача бўлган ўсмирларда 4,4- 30,7 % гача учрайди. Одатда, бу касаллик 80-90 % ҳолатда чап тамонлама, 10 % ҳолатда икки тамонлама ва 2 % ҳолатда ўнг тамонлама учрайди. Кўпинча варикоцеле касаллиги балоғат ёшидан бошлаб ривожланиб, бирон сабаб тиббий кўрикдан ўтаётган пайтда аниқланади. Бунинг боиси, хасталик кучли шикоятлар билан безовта қилмагани сабабли касалликка вақтида ташхис қўйилмайди. Шунинг учун аксарият беморлар касаллик бошлангандан 10-15 йил ўтгандан сўнг шифохонага мурожаат этишади. Афсуски, йўқотилган йиллар ичида моякдаги уруғ ишлаб берувчи тўқималарда орқага қайтмас ўзгаришларга олиб келиб, кейинчалик бепуштликни келтириб чиқариши мумкин. Варикоцеле келиб чиқишига бир неча сабаблари бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Буларга чап мояк венасининг чап буйрак венасига тўғри бурчак бўлиб қуйилиши, чап буйракда босимнинг юқори бўлиши ва чап мояк венаси қон томирларида клапанларни етишмаслиги сабаб бўлади. Касаллик 12-14 ёшларда ривожлана бошлаб, 15-17 ёшларга келганда яккол кўзга кўриниб колади. Беморларни ёрғоқни чап қисмида осилиш ҳиси безовта қила бошлайди, лекин кўп беморларда, юқорида айтганимиздек, касаллик тасодифан тиббий кўриклардан ўтиш вақтида аниқланади. Варикоцеленинг бепуштликка олиб келишини олимлар ХХ асрни 40-йилларида аниқлашган. Бефарзандлик сабаб мурожаат этиб келаётган беморлар ичида 39-40 % ҳолатда варикоцеле касаллиги бўлади. Иккиламчи бепуштлик билан касалланган беморлар орасида (яъни, бир фарзанди бор, лекин ҳозирги вақтда аёлни ҳомиладор қилишга имконияти бўлмаганда) 80 % ҳолатда варикоцеле сабабли бўлади. Варикоцеле билан касалланган беморларда чап мояк уруғ тизимчаси қон томирлари кенгайиши ҳисобига моякларда ҳарорат 0,6-0,8 С гача кўтарилиши уруғ суюқлигини ишлаб чиқариш механизмини бузилишига олиб келади. Бундан ташқари кенгайган қон томирлар чап моякнинг эзилишига, тўқималардаги қон айланиш бузилиши ҳисобига кислород етишмаслиги ва чап буйрак усти безидан уруғ ишлаб берувчи тўқималарга салбий таъсир этувчи модда кортизол оқиб келиши сабаб бўлади. Сперма (уруғ суюқлигини) ишлаб чиқариш учун организмда андрогенлар (эркаклар гармони) тестостерон кўп миқдорда ишлаб чиқариш лозим. Лекин варикоцеле касаллигида тестостеронни ишлаб чиқарувчи тўқималар жароҳатланади. Эркаклар гармони (тестостерон) қон тизимида камайиши моякда эркаклик уруғ суюқлигини кам миқдорда ишлаб чиқаришига олиб келади. Юкоридаги жараёнлар инсон организимида вақт ўтган сайин давом этиб, беморларни безовта қилмаган ҳолда уруғ ишлаб чиқаришига салбий таъсир қилади. Шу сабабли бефарзанд оилаларда шифокор кўригидан тўлиқ ўтмаганлик ёмон оқибатларга олиб келади. Қуйида айтиб ўтиш лозимки, ота–оналар фарзандлари балоғат ёшига етгандан сўнг шифокор кўригидан ўтказиш ва никоҳдан олдинги тиббий кўрикка бефарқ қарамаслиги керак. Чунки бу касаллик оддий усул — кўз билан кўриб, пайпаслаш йўли билан аниқланади. Бундан ташқари янги услублар: рентген-диагностика ва ультратовуш допплерография усули билан аниқ ташхис қўйиш мумкин. Касалликнинг клиник (кўз билан кўринадиган тури) уч даражага бўлинади. Иккинчи ва учинчи даражада пайпаслаш йўли билан аниқланса, биринчи даража бироз қийинчилик туғдиргани учун бошқа усулларни қўллаш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари айрим беморлар бефарзандлик сабабли бир неча йил давомида даволаниб, наф топмайди. Бу ҳолатга касалликнинг кўзга кўринмайдиган субклиник тури сабабчи бўлади. Субклиник варикоцеле бор беморлар шифокор кўриган ўтган бўлса ҳам уруғ ишлаб чиқаришининг бузилишига олиб келувчи сабабини аниқлаб беролмайди. Шу сабабли эркаклик бепуштлиги билан оғриган беморлардаги варикоцеле клиник ва субклиник (кўзга кўринмас тури)ни аниқлаш учун янги текшириш услубларини қўллаб ташхис куйиш керак. Шу соҳани ўрганиб чиққан олимларнинг фикрича, варикоцеле касаллигини оператив даволашдан сўнг 50-85 фоиз ҳолатда эркаклик уруғ суюқлигини яхши томонга ўзгартириб, кўп вақтдан бери кутилган ҳомиладорликка олиб келади. Яъни, моякларда қон айланиши тикланади, тўқималарга кислород етиб бориши яхшиланади ва моякларда ҳарорат пасаяди. Хулоса қилиб айтганда, балоғат ёшидаги ўсмирлар, уйланмоқчи бўлган йигитлар ўз соғлиқларига бефарқ қарамасдан, вақтида мутахассис кўригидан ўтишлари лозим.

Top
Информация предоставляется исключительно в справочных целях. Не занимайтесь самолечением. При первых признаках заболевания обратитесь к врачу Подробнее