Ҳеч кимга сир эмаски, эркак кишининг семириб кетиши мояк функциясининг бузилиши билан боғлиқ бўлиб, бу потенциал андрогенлар танқислиги ва репродуктив функция етишмовчиликка олиб келади. Жанубий Австралиядаги Флиндерс университети ва Жанубий Африка университети тадқиқотчилари ортиқча вазнли эркаклар фаст-фуд (тез тайёрланадиган емак) истеъмол қилганида бу уларнинг моякларига ва тестостерон ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатишини аниқлашди.
Эслатиб ўтамиз, тестостерон — асосий эркак жинсий гормони, андроген. Кўпинча бу эркак жинсий функцияси билан боғлиқ, у сперматозоидлар ишлаб чиқаришда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, суяк ва мушак тўқималарининг ривожланишига ҳам таъсир қилади. Илгари олиб борилган тадқиқотлар тестостерон эркакларни склероздан ҳимоя қилишини кўрсатган эди.
Яқинда ўтказилган тадқиқот доирасида мутахассислар таркибида ёғ миқдори юқори бўлган тез тайёрланадиган таомлар ортиқча вазнли эркакларнинг қон зардобидаги тестостерон даражасига қандай таъсир қилишини аниқлашга қарор қилишди.
Бунинг учун мутахассислар бир гуруҳ ортиқча вазнли эркаклар 51 грамм ёғни ўз ичига олган фаст-фуд истеъмол қилганидан кейин улардан таҳлил қилиш учун қон олишди.
Маълум бўлишича, бир соат ичида бундай озиқ-овқат иштирокчилар қон зардобидаги тестостерон миқдорини 25 фоизга камайтирган. Аммо, энг қизиғи, бу кўрсаткич тўрт соатгача ўзгаришсиз қолиши мумкин экан.
Оддий қилиб айтганда, ортиқча вазнга эга бўла туриб фаст-фудни хуш кўрувчи эркакларда муҳим гормон даражаси пасаяди, бу уларнинг фертиллилик қобилиятига салбий таъсир қилади.
Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари бундай овқатни ортиқча вазнли одамлар истеъмол қилиши оқибатларини ўрганишганини таъкидлашади. Шунинг учун натижа барча эркаклар учун мос деб айтиб бўлмайди.
Бу ўзига хос кашфиёт ота бўлишни хоҳлайдиган, аммо семириб кетган эркаклар учун фойдали бўлиши мумкин.
Агар сабаблар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда мутахассислар ёғ миқдори юқори бўлган овқатлар ошқозон-ичак трактига кириб, у орқали ўтиши билвосита постпрандиалга (яъни овқат истеъмол қилгандан кейин) олиб келадиган реакцияга сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади.
“Қон зардобидаги тестостерон даражасининг пасайиши — бошланғич даражадан 25%, бу гормоннинг бошланғич паст даражасига эга бўлган кекса эркаклар ва семириб кетган эркаклар учун клиник аҳамиятга эга бўлиши мумкин" деди Флиндерс университети профессори Келтон Тремеллен.
Унинг фикрига кўра, бундай кучли жинс вакиллари ёғлар миқдори кўп бўлган овқатларни тез-тез истеъмол қилиш орқали доимий равишда гипогонадизм (мояклар фаоллиги етишмовчилиги) ҳолатида бўлишади.
“Агар эркаклар доимо ёғ миқдори юқори бўлган фаст-фуд истеъмол қилсалар, масалан, ҳар неча соатда еса, бу доимий равишда тестостерон даражасини пасайтиради ва сперматазоидлар сифатини ёмонлаштиради", деб ҳисоблайди Тремелен.
Профессорнинг қўшимча қилишича, бундай озиқ-овқат ва уни истеъмол қилишнинг оқибатлари эркакларнинг ақлий ва жисмоний ҳолатига, шунингдек, ота бўла олиш қобилиятига ҳам салбий таъсир қилади.
Шу сабабли мутахассислар ортиқча вазнли эркакларга ёғ истеъмолини камайтиришни ва мояк функциясини оптималлаштириш учун овқатланишдан овқатланишгача бўлган вақт оралиғида нимадир тановул қилишдан воз кечишни маслаҳат беришади.
Andrologia нашрида ушбу тадқиқот натижалари тўғрисидаги илмий мақола чоп этилган.
Дарвоқе, фаст-фуд эркаклар мияси фаолияти учун ҳам энг зарарли ҳисобланади. Бундан ташқари, “Ғарб диетаси” деб ном олган бундай егуликлар генларнинг ишлашини ўзгартиради ва иммунитет тизимини ҳаддан ташқари фаоллаштиради. Бу эса нафақат кучли жинс вакиллари учунгина тегишли эмас, бошқаларни ҳам домига тортади.

Top
Информация предоставляется исключительно в справочных целях. Не занимайтесь самолечением. При первых признаках заболевания обратитесь к врачу Подробнее