СУРУНКАЛИ УЙҚУСИЗЛИК ТЕСТОСТЕРОН ДАРАЖАСИ ПАСАЙИШИГА ОЛИБ КЕЛАДИ
- 1313
Ёш ва соғлом эркакларда ҳам сурункали уйқусизлик уларнинг организмида асосий гормон — тестостерон даражасининг сезиларли пасайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида бошқа кўплаб касалликларни келтириб чиқариши мумкин — жинсий заифликдан тортиб то суяк синишига қадар.
АҚШдаги Чикаго университети (University of Chicago) олимлари профессор Еве Ван Каутер (Eve Van Cauter) раҳбарлигида сурункали уйқусизликнинг ҳали маълум бўлмаган салбий оқибатларини аниқлашди. Бундан олдин бошқа олимлар уйқу етишмовчилиги ва юрак-қон томир касалликлари ривожланишининг юқори хавфи бир-бирига боғлиқлигини исботлаб беришганди. Каутер бошчилигидаги олимлар гуруҳи эса уйқусизлик ёш ва соғлом эркакларнинг организмида тестостерон миқдорини сезиларли даражада камайтиришини ва бу кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини аниқлашди.
Олимлар синчковлик билан ўтказилган тиббий тадқиқотдан кейин экспериментда иштирок этиш учун мутлақо соғлом 10 нафар талабани танлашди, уларнинг ўртача ёши 24 ёшда эди.
Тажрибанинг биринчи босқичида иштирокчилар лабораторияда уч кун кечаси 10 соатгача ухлашди. Кейин иккинчи босқичда улар кетма-кет 8 кеча 5 соатдан кам ухлаши белгиланди. Иккала босқичда ҳам охирги куни иштирокчилардан бир неча марта таҳлил учун қон намуналари олинган.
Таҳлил шуни кўрсатдики, 8 кунлик уйқусизликдан кейин иштирокчиларнинг организмида тестостерон даражаси 10 фоиздан 15 фоизгача пасайган, бу пасайиш, айниқса, куннинг иккинчи ярмида 14:00 дан 22:00 гача бўлган.
Тестостерон даражасининг бундай пасайиши сезиларли аҳамият касб этиб, кўплаб салбий оқибатларга олиб келади: гормонал етишмовчилик, жинсий истак даражасининг пасайиши, эректил дисфункция, остеопорознинг ривожланиши, шунингдек, уйқу билан боғлиқ муаммоларнинг пайдо бўлиши, асабийлашиш, лоқайдлик ва жисмоний фаолиятнинг пасайиши.